Ўзбекистон Қозоғистондан электр энергияси импорт қила бошлади

Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон 2019 йил охиригача Қозоғистондан 1 млрд кВТ/соатдан кўпроқ электр энергияси сотиб олади. Қозоғистон Энергетика вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, бу борадаги келишув икки мамлакатнинг ваколатли идоралари томонидан имзоланган.

Электр энергияси етказиб бериш июнь ойи охирларидан бошланган бўлиб, шу кунгача Қозоғистон Ўзбекистонга 145 млн кВт/соат электр энергияси сотган. Битим шартларига кўра, қозоғистонлик истеъмолчилар электр энергияси олишда устуворликка эга бўладилар. Агар бирор-бир технологик носозлик содир бўлса, ўзбекистонлик истеъмолчилар учун чеклов жорий қилинади.

Ўзбекистоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжи йилига 69 млрд кВт/соатни ташкил этади, бироқ республикада мавжуд иссиқлик ва гидроэлектр станциялари 64 млрд кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқаради. Мутахассислар тахминича, бу эҳтиёж 2030 йилга бориб 117 млрд кВт/соатга етади ва расмийлар бу муаммони атом электр станцияси қуриш орқали ҳал қилишни мўлжалламоқдалар. Айни пайтда ўзбекистонлик кўпгина мутахассислар ҳамда ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар мамлакатда АЭС қурилишига қарши чиқмоқдалар.