Монополияга қарши кураш қўмитаси Термиз шаҳар ҳокимининг Damasлар бўйича қарорини бекор қилди

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Термиз шаҳрида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар (ДАМАС) фаолиятини чеклаш бўйича Термиз шаҳар ҳокимининг қарори юзасидан олиб борилган ўрганиш ишларини якунлади ва ушбу ҳолат бўйича тегишли иш қўзғатди.

Бу ҳақда тилга олинган қўмита ўзининг Телеграм-каналида хабар қилди.

Айтилишича, Термиз шаҳар ҳокимининг 2019 йил 13 июндаги “Термиз шаҳрида транспорт хизматини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги К-1773-сонли қарори билан шаҳар ичкарисида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар (ДАМАС) ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича кўрсатмаси Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига зид равишда қабул қилинганлиги холати Қўмитанинг Махсус комиссиясини жорий йилнинг 8 июлида ўтказган йиғилишида кўриб чиқилган.

"Термиз шаҳар ҳокимлиги вакили иштирок этган Комиссия йиғилишида ҳокимлик томонидан қабул қилинган қарорнинг айрим бандлари Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуни талабларига зидлиги, шундан келиб чиққан холда, аниқланган қонунбузилиш ҳолати юзасидан тегишли ажрим чиқарилиб, ҳокимликка нисбатан иш қўзғатилгани тўғрисида тушунтириш берилди. Қўмитанинг Махсус комиссияси томонидан Термиз шаҳар ҳокимлигига ушбу қарорнинг тегишли бандини, яъни шаҳар ичида ҳаракатланаётган йўналишли таксилар (ДАМАС) ҳаракатини 2019 йил 1 июлдан тўхтатиш бўйича топшириғини бекор қилиш тўғрисида кўрсатма берилди", дейилган хабарда.

Термиз шаҳарида "Дамас" автомашиналари билан йўловчи ташиш тақиқланиши ортидан ишсиз қолган юзлаб ҳайдовчи 2 июль куни Сурхондарё вилояти ҳокимлиги олдида норозиликка тўплангани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

Термиз Адлия бўлими 3 июль куни шаҳар ҳокимининг шаҳарда «Дамас»ларга йўловчи ташишни тақиқлаган қарорини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритган.