АҚШ сенатори Россияда ишлаб чиқарилган FaceApp фотоиловасини хавфсизликка таҳдид деб баҳолади

Россияда ишлаб чиқарилган, киши тасвирини сунъий қаритадиган FaceApp фотоиловаси АҚШнинг миллий хавфсизлигига ва фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларига таҳдиддир, деб баёнот берди Сенатдаги демократлар етакчиси Чак Шумер.

Сенатор Федерал қидирув бошқармасига иловани текширишни сўраб хат жўнатди. Чак Шумер фойдаланувчиларнинг шахсига оид маълумотлар келгусида уларнинг розилигисиз ишлатилиши мумкинлигидан ташвишланмоқда.

“АҚШ фуқароларига оид шахсий маълумотлар кибермаконда АҚШга қарши ҳаракатларда фаол иштирок этаётган чет давлатга бериб қўйилиши ўта қайғули бўлади", – деган Шумер.

FaceApp фотоиловасини ишлаб чиқарган компания фотосуратларнинг катта қисми сервердан 48 соат ичида олиб ташланиши тўғрисида баёнот берди. Компания фойдаланувчиларга оид маълумотлар учинчи шахслар ёки ташкилотларга берилмайди, деб ишонтиришга уринди.

FaceApp фотоиловаси 2017 йили пайдо бўлди. Сунъий онг асосида ишлаб чиқилган илова ёрдамида фойдаланувчилар ўз суратларини “қарита” олади. Бундан ташқари суратда акс этган кишини “кулдириш”, сочи рангини, ҳатто жинсини ўзгартириш мумкин.