Тожикистон Бош прокуратураси қўлга олинганларни қийноққа солганликда айбланган тўрт нафар милиция ходими устидан терговни якунлаб, жиноят ишини судга юборди.
Терговга яқин манбанинг 18 июль куни Озодлик радиоси тожик хизматига маълум қилишича, Ички ишлар вазирлиги Душанбе шаҳар бошқармаси Жиноят-қидирув бўлими бошлиғининг ўринбосари подполковник Фарҳод Нурхонов, унинг қўл остидаги ходимлар Аваз Сабзаев ва Икромиддин Аҳлиддин ҳамда исми ошкор этилмаётган терговчи Тожикистон Жиноят кодексининг икки моддаси (“Қийноқ қўллаш” ва “Мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш”) бўйича айбланмоқда.
Жиноят иши тергови Озодлик радиоси тожик хизмати сайтида Душанбе милицияси томонидан қўлга олинганларга нисбатан сохта айб қўйилаётгани, таҳдид қилинаётгани ва қийноққа солинаётгани ҳақида мақола чоп этилганидан кейин бошланган.
Жабрланганлардан бири Ҳамза Солеҳовга кўра, мақола чоп этилганидан кейин қонунсизлик қурбонлари сони 17 кишига ошган. Уларнинг кўпчилиги расмийларга бу “тўртлик” устидан зўравонликка дучор бўлгани ва калтаклангани юзасидан шикоят билан мурожаат этишган.
Фарҳод Нурхонов 11 январь куни ўзи ва гумашталарига қарши жиноят иши очилиши биланоқ яширинганди. У 16 февраль куни Душанбе шаҳрида, халқ орасида “Хитой девори” номи билан машҳур қўп қаватли уй яқинида ўтказилган махсус амалиёт чоғида қўлга олинган.
Милиционерларга нисбатан жиноят иши Душанбе шаҳар суди томонидан кўриб чиқилади. Маҳкаманинг бошланиш санаси ҳозирча аниқ эмас.