Бухородаги Зирабулоқ магистрал газ қувури ёрилиб кетди

Иллюстратив сурат

20 июль оқшомида Бухоро вилояти Шофиркон туманининг чўл қисмидан ўтувчи Зирабулоқ магистрал газ қувури линиясида ёрилиш содир бўлди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги берган хабарга кўра, "Газли-Чимкент" йўналишида юқори босимдаги газ ўтадиган қувурнинг 76 километрида ёрилиш содир бўлган ва кейинчалик сизиб чиққан газ аланга олган.

"Газ қувурида содир бўлган фавқулодда вазият даврида қувурда газ босими 33-34 атмосферани ташкил қилиб, мутахассисларнинг маълумотига кўра, ушбу ҳолат газ қувурининг пайванд чоки очилиб кетиши оқибатида юзага келган", деб хабар қилади вазирлик.

Ҳодиса содир бўлган жойнинг аҳоли пунктидан тахминан 45-50 км узоқликда жойлашгани, шу боис, жабрланган ва ҳалок бўлганлар йўқлиги айтилди.

Айтилишича, воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, ЁХБ ва Миллий Гвардия раҳбарлари етиб борган.

Қувурнинг зарарланган қисми эса вақтинча газдан узиб қўйилди ва айни пайтда таъмирлаш ишлари бормоқда.