Дипломатлар Туркманистон президентининг ўлимига оид мишмишларни рад этмоқда

Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўлимига оид хабарлар ҳақиқатга мувофиқ келмайди, дея хабар қилади ТАСС агентлиги Туркманистоннинг Россиядаги элчихонаси маълумотига таянган ҳолда.

Мишмишларни Туркманистоннинг Қирғизистондаги элчихонаси ҳам ёлғонлаган.

Аввалроқ YouTube тармоғидаги “Эркин Туркманистон” мухолифатчи канали Ашхабоддаги ўз мухбирлари сўзларига таянган ҳолда давлат раҳбари 20 июль куни буйрак фаолиятидаги етишмовчилик туфайли вафот этгани ҳақида хабар тарқатган.

Озодликнинг туркман хизматига ҳам Туркманистон президентининг ўлими ҳақида маълумот келиб тушган, бироқ бу маълумотни тасдиқлатиш ёки инкор эттиришнинг имкони бўлмаган.

Бердимуҳамедов сўнгги бор омма олдида 5 июль куни кўриниш берган. 15 июль куни матбуот хизмати президент таътилда эканини маълум қилиб, унинг набиралари билан ўйнаётганига оид видеоёзувни ёйинлаганди.

“Хроники Туркменистана” нашри маълумотига кўра, президент учоғи 12 июль куни Германияга учиб кетган. Айтилишича, учоқ Германияга Бердимуҳамедовнинг оғир аҳволда бўлган онасини олиб борган ва президентнинг йўқолиб қолиши унинг ўлими билан эмас, балки онасининг оғир хаста экани билан боғлиқдир.

Бердимуҳамедов Туркманистонга 2007 йили аввалги давлат раҳбари Сапармурод Ниёзов ўлимидан кейин президент бўлганди.

2016 йил сентябрида Туркманистон конституциясига давлат раҳбари ваколатларини 5 йилдан 7 йилга узайтиришни кўзда тутган ўзгартишлар киритилган. Ўшанда президент бўлиб сайланиш учун ёш чеклови (70 ёш) ҳам бекор қилинганди. Бу ўзгартишлар ҳозирда 62 ёшда бўлган Бердимуҳамедовга яна кўп йиллар ҳокимият тепасида қолиш имконини яратган.