Украина-Россия чегарасида уч ўзбекистонлик ушланди

Иллюстратив сурат.

Айланма йўллар орқали Россия ҳудудига ўтмоқчи бўлган уч нафар ўзбекистонлик Харьков отряди чегарачилари томонидан қўлга олинди. Бу ҳақда хабар қилган dozor.kharkov.ua сайти чегарабузарлар исмларини келтирмайди.

Ёшлари 29 дан 34 гача бўлган уч ўзбекистонлик Украина ҳудудидан Россия томон пиёда кетаётган пайтда ушланган.

Суҳбат чоғида қўлга олинганлар ўзларига Россия ҳудудига кириш тақиқлангани учун расмий ўтиш пунктидан эмас, балки айланма йўл орқали чегарадан ўтишга уринганларини тан олганлар.

Давлат чегарасидан ноқонуний ўтишга уринганлари учун ўзбекистонликлар маъмурий жавобгарликка тортилади, уларнинг кейинги тақдирини суд ҳал қилади.