Трамп Имрон Хонни Покистондаги террор гуруҳларига қарши курашишга чақиради

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Покистон бош вазири Имрон Хон.

АҚШ президенти Дональд Трамп Покистон бош вазири Имрон Хон билан илк маротаба учрашиши кутилмоқда. Учрашув давомида Трамп Хонни Покистонда ўрнашиб олган террор ташкилотларига қарши курашишга ҳамда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнини қўллашга чақириши кутилмоқда.

Крикет юлдузи ўлароқ шуҳрат қозонган Хон ўтган йилда Покистон вазири этиб сайланган эди. Хон 22 июль куни Вашингтонга Покистон армияси етакчиси ҳамда разведкаси раиси билан сафар қилади. Мутахассислар фикрига кўра, бу ҳолат учрашув давомида Афғонистон ҳамда терроризм масалалари муҳокама қилинишидан дарак беради.

Хон етакчилигидаги делегация АҚШ мудофаа, хавфсизлик, энергетика ҳамда молия департаментлари расмийлари билан ҳам учрашади.

АҚШнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларида Покистон муҳим ўрин тутади. Аммо кейинги йилларда Исломобод ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар таранглашган.

Оқ уй расмийларидан бири АҚШ расмийлари Покистон расмийларини Афғонистонда тинчлик ўрнатиш йўлида кўпроқ чора кўришга ҳамда мамлакатга ўрнашиб олган жангариларни йўқ қилишда давом этишга чорлашини айтди.