Халқ таълими вазирлиги 383 та коллеж биноси мактабларга берилишини билдирди

Ўзбекистондаги коллежлардан бири.

Республикада мавжуд 1469 та касб-ҳунар коллежларининг 383 таси биноси мактабларга берилади.

Бу ҳақда Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Натижада 2019-2020 ўқув йилида мактаб ўқувчилари учун қўшимча 224 мингдан ортиқ ўқувчи ўринлари яратилади.

Айтилишича, 383 коллеж биноси Халқ таълими вазирлиги тасарруфига 2019 йил 15 июлда узлуксиз профессионал таълим тизимини янада такомиллаштириш масаласига бағишлаб ўтказилган мажлисда президент Мирзиёев берган топшириққа биноан ўтказиб берилмоқда.

Коллежларни мактабларга айлантиришни самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг топшириғи билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг раиси, вилоятлар ҳокимлари ва Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигида республиканинг ҳар бир ҳудудида ишчи гуруҳлар тузилгани айтилди.

Президент Мирзиёев давлат тепасига келгач Биринчи президент даврида шакллантирилган 9 йиллик мактаб + 3 йиллик касб-ҳунар таълими тизимидан воз кечилди.