Қирғизистонда давлат туман газеталарини молиялаштиришни тўхтатмоқчи

Иллюстратив сурат.

Қирғизистонда давлат республика бўйлаб 34 тани ташкил этган туман газеталарини молиялаштиришни тўхтатиш ниятида.

Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизматига маданият, ахборот ва туризм вазири Азамат Жаманқулов маълум қилди.

“Бу ерда гап туман газеталарини ёпиш ҳақида бораётгани йўқ, улар ўзини ўзи молиялаш ҳисобига ишлашда давом этиши мумкин. Ҳозир туман ва вилоят газеталарига ҳар йили 68 миллион сом (1 миллион доллар атрофида) ажратилмоқда. Биз вилоят газеталарини вилоят телевидениелари билан ягона медиамарказга бирлаштаришни режалаяпмиз, туман газеталари ҳисобига тежалган маблағлар мазкур медиамарказларни ривожлантиришга йўналтирилади”, деди Жаманқулов.

Медиа-марказлар аҳоли учун ахборот манбаига айланади ва рақамлаштиришни ривожлантириш мақсадида ахборот узатишнинг электрон шаклига эътибор қаратилади, айни пайтда вилоят газеталари ўз ишини давом эттиради.

Вазирга кўра, мазкур концепция барча вазирликлар билан келишилган ва ҳукуматга кўриб чиқиш учун жўнатилган.