Жанубий Корея Россияни ўз ҳаво чегарасини бузганликда айбламоқда

Жанубий Кореянинг F-15K учоқлари (иллюстратив сурат).

Россия ҳарбий учоқлари 23 июль тонгида Жанубий Кореянинг Япон денгизи устидаги ҳаво чегарасини бузган. Бу ҳақда Yonhap агентлиги Жанубий Корея Мудофаа вазирлиги маълумотига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Корея ҳарбийларига кўра, Россия қирувчи учоқлари Токто ороллари ҳудудида икки марта чегарани бузган. Ороллар Сеул ва Токио ўртасидаги баҳсли ҳудуд бўлиб ҳисобланади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам парвоз уч дақиқадан давом этган. Бунга жавобан Жанубий Корея қирувчи учоқлари Россия учоғига қарата огоҳлантирувчи ўқ отганлар.

Россия ҳарбийлари ҳодиса юзасидан ҳали изоҳ берганларича йўқ.

Yonhap агентлиги Россия ҳарбий учоқлари томонидан Жанубий Корея ҳаво чегарасининг бузилиши камдан-кам содир бўлишини урғулайди.