Ашхобод четидаги аҳоли пунктлари ичимлик сувисиз қолмоқда

Ашхобод четидаги аҳоли пунктлари тоза ичимлик сувисиз қолаяпти.

Озодликнинг туркман хизмати хабарига кўра, Ашхободнинг ғарбий қисмидаги Гўкжа қишлоғи беш кундан бери сувсиз. Мазкур аҳоли пункти учун жавобгар амалдор шу кунларда сув таъминотини тиклашга ваъда берган.

Пойтахт яқинидаги Ясмансалик ва Херрикгала қишлоқларида ҳам анчадан бери ичимлик суви йўқ.

“Сувни эрталаб соат 7 дан 9 гача икки соат беришади. Кечки пайт яна икки соат - соат 19 дан 21 гача узатишади. Кимдир уйидаги идишига сув йиғиб олган бўлса, кимдир ҳовлисига ҳандақ қазиб, ўшанга сув тўплаб олади. Айримлар сувни 10 тоннали катта идишларда сақлайди", дея хабар қилади туркман хизматининг Ашхободдаги мухбири.

Унга кўра, мазкур аҳоли пунктларида 6 мингга яқин оила яшайди.

Озодлик сув таъминотидаги муаммолар юзасидан пойтахт маъмурияти ҳамда юқорида номлари зикр этилган аҳоли пунктлари қарайдиган туман маъмуриятларидан изоҳ олишга муваффақ бўлолмади.