Мирзиёевнинг туғилган куни арафасида президентнинг муҳим ташаббуслари рўйхати тузилди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати 100 нафар маҳаллий ва хорижий эксперт ўртасида сўров ўтказиб, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 10 та муҳим ташаббуси рўйхатини тузди.

Қайд этилишича, экспертлар яхши қўшничилик муносабатлари, чегараларнинг очилиши ва назорат-киритиш пунктларининг ташкил этилиши, Марказий Осиё давлатлари билан барча масалалар бўйича конструктив мулоқот ўрнатилишини Мирзиёевнинг энг муҳим ташаббуси (96 овоз) ўлароқ эътироф этганлар.

Рўйхатнинг кейинги ўринларидан қуйидаги ташаббуслар жой олган:
- Валюта бозорининг эркинлаштирилиши, нақд пул билан боғлиқ муаммоларнинг бартараф этилиши (90 та овоз);
- Мажбурий меҳнат, шу жумладан болалар меҳнатига барҳам берилиши (79 та овоз);
- Олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг оширилиши, миллий ва хорижий университетлар филиалларининг очилиши (78 та овоз);
- Оммавий ахборот воситаларининг жамиятдаги, муҳим ҳукумат қарорлари қабул қилинишидаги ролининг оширилиши (69 та овоз);
- Ўзбекистон президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналарининг жорий этилиши (63 та овоз);
- Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва қуролли кучлар тизимини ислоҳ қилиниши (61 та овоз);
- Солиқ ислоҳотлари, тадбиркорлик субъектлари учун солиқ юкининг камайтирилиши, тадбиркорлар учун солиқ таътилининг эълон қилиниши (59 та овоз) ;
- Давлат хизматлари тизимини ривожлантириш, уларнинг сифати ва самарадорлигини босқичма-босқич ошириш (58 та овоз);
- Минтақавий хавфсизликни таъминланиши бўйича чора-тадбирлар, Афғонистонда тинчлик ўрнатиш бўйича халқаро мулоқотнинг кучайтирилиши (57 та овоз).

Хабарномада Ўзбекистон президентининг ташаббуслари юзасидан танқидий фикрларга ўрин берилмаган.

Президент Шавкат Мирзиёев бугун, яъни 24 июль куни 62 ёшга тўлди.