Москва Жанубий Кореядан кечирим сўраганини рад этди

Жанубий Кореянинг F-15K учоқлари.

Жанубий Корея расмийлари Россия ҳарбий учоқларидан бири мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатсиз киргани юзасидан “чуқур афсусда” эканлигини изҳор қилганини маълум қилди. Аммо Россия бу иддаони рад этди.

23 июль куни Жанубий Корея Россия ҳарбий учоғи икки марта мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатсиз кирганини, натижада Жанубий Корея ҳаво кучлари рус учоғини кузатиб қўйишга ва огоҳлантирувчи ўқ отишга мажбур бўлганини билдирди.

Жанубий Корея президенти Мун Чжэ Ин маъмурияти Москва ҳодисага техник муаммо сабаб бўлганини билдирганини эълон қилди.

- Россия ўз Мудофаа вазирлиги зудлик билан тергов бошлашини ва керакли чораларни кўришини билдирди, - деди президенти маъмурияти матбуот котиби Юн До Хан.

Юн ушбу мактубни 23 июль куни Россия ҳарбий атташеси етказганини айтди.

Жанубий Корея парламентининг Ташқи ишлар қўмитаси раиси Юн Сан Хён эса Россиянинг амалдаги элчиси Максим Волков ушбу ҳолат юзасидан афсус билдирганини айтди.

Аммо Россиянинг Сеулдаги элчихонаси Москва Жанубий Кореядан узр сўраганини рад этди.