Г. Каримовадан мусодара этилган қароргоҳ Мирзиёевнинг куёви бош бўлган федерацияга берилади

Сижжак оромгоҳи аввалги президентнинг тўнғич қизи - ҳозир қамоқда бўлган Гулнора Каримовадан мусодара қилинган.

Гулнора Каримовадан мусодара қилинган Сижжак қўрғонидаги ҳашаматли қароргоҳ ичидаги барча жиҳозлари билан Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга берилади, дея хабар қилади minbar.uz нашри.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистонда триатлон спортини ривожлантиришга қаратилган қарори 24 июль куни Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида умумҳалқ муҳокамасига қўйилган.

Қарор лойиҳасида “Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган "Сижжак" оромгоҳи ва ундаги суднинг қарори билан давлат фойдасига ундирилган барча жиҳозларни Ўзбекистон триатлон федерациясига текин фойдаланишга бериш ҳақидаги Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, Бош прокуратура қошидаги МИБ ва Ўзбекистон футбол федерациясининг таклифи инобатга олинсин", дейилган.

Шу кунда Ўзбекистон триатлон федерацияси раиси президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг ўринбосари, Шавкат Мирзиёевнинг кичик куёви Отабек Умаров бўлиб ҳисобланади. О. Умаров бу лавозимга жорий йилнинг март ойида сайланган.

Сижжак оромгоҳи негизида триатлон федерациясининг ўқув-машғулот базаси ташкил этилиши режалаштирилган, бунга 15 млрд сўм ажратилган. Ҳужжатда таъкидланишича, оромгоҳ ҳудудида меҳмонхона, учта бассейн, амфитеатр, коттеж ва бошқа бинолар мавжуд.