Сўхлик ёшлар тиббиёт олийгоҳларига имтиёзли қабул қилинади

Фарғона вилоятига қарашли Сўх эксклави Қирғизистоннинг ичида жойлашган.

Фарғона расмийлари тиббиёт йўналишидаги олий таълим муассасаларига имтиёзли қабул қилиш учун вилоят ҳокимлигига ажратилган 14 та квотадан 10 тасини сўхлик ёшлар учун ажратиб бердилар. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилади.

Хабарномага кўра, жорий йилнинг 23 июль куни Сўх эксклавида Фарғона вилояти ҳокими Ш. Ғаниев, вилоят прокурори С. Турдиев, вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Р. Маматов, вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ю. Насимжоновлар томонидан оммавий сайёр қабул ўтказилган.

250 нафардан зиёд сўхлик иштирок этган сайёр қабулда аҳоли томонидан ижтимоий, маиший, маданий-маърифий соҳаларга оид долзарб муаммолар кўтарилган ва бу муаммолардан бир қанчаси ўша ернинг ўзида ҳал этилган.