Шавкат Мирзиёев Самарқандга сафар қилмоқда

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 26 июль куни Самарқандга жўнаб кетди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, Мирзиёевнинг Самарқандга сафаридан мақсад “ҳудудлар ривожи, халқ ҳаёти билан яқиндан танишиш”дир.

Президент Самарқанд халқаро аэропортига учиб келганидан кейин шу ернинг ўзида мазкур бандаргоҳни ривожлантиришга оид лойиҳа билан танишган.

"Бу ерда яна бир терминал қуриш, учиш-қўниш йўлагини реконструкция қилиш, самолётлар тураргоҳини кенгайтириш, радиолокация тизимларини такомиллаштириш режалаштирилган. Янги аэровокзал эса барча халқаро талабларга жавоб берадиган, соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатадиган бўлади", дейилади президент матбуот хизмати хабарномасида.

Лойиҳа билан танишиш чоғида чоғида Ш. Мирзиёев замонавий бошқарувни жорий қилиш, реконструкция мобайнида эса поезд ва автобуслар қатновини кўпайтириш, аҳоли ва туристларга муқобил қулайликлар яратиш бўйича кўрсатмалар берган.