Ҳоким ўринбосарига ўт қўйган яккабоғлик тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган бўлди

Яккабоғ туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаев.

Тадбиркор Баҳриддин Исомовнинг дўкони бузилмайдиган бўлди. У қайта реконструкция қилинади. Фасад қисми ўзгартирилади. Шунингдек, бошқа тадбиркорларнинг ҳам дўконлари бузилмайди. Бузилганларига эса, ер ажратилиб, компенсация берилади. Бу ишларни вилоят ҳокими шахсан назоратга олишини таъкидлаб ўтди.

Бу ҳақда Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизов айтганини kun.uz хабар қилди.

Сайтнинг хабар қилишича, 27 июль куни Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бўлаётган воқеалар билан яқиндан танишиш ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш мақсадида Яккабоғ туманида юрибди.

Ҳоким туманнинг "Эски Яккабоғ" қўрғончасида бўлиб, бир гуруҳ тадбиркорлар билан учрашган, уларнинг муаммо ва мурожаатларини тинглаган.

Яккабоғ туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбари Бозор Азизовга кўра, вилоят раҳбари туман ҳокими ўринбосари Мансур Туймаевга бензин сепиб, ёқиб юборган Баҳриддин Исомовнинг рафиқаси Нодира Ҳайдарова ҳамда фарзанди Шарофиддин Даминов билан якка тартибда суҳбатлашган. Маълумотларга кўра, тадбиркорнинг дўкони бузилмайдиган, етказилган моддий зарар эса суд орқали ундириладиган бўлган.

Туман матбуот хизмати маълумотига кўра, Қашқадарё вилоят ҳокими Зафар Рўзиев эрта тонгдан қўрғончага ташриф буюрган ва дўкони бузилган 30 нафар тадбиркорга ўз дўконлари олдида бўлиб туришни сўраган ва уларнинг ҳар бири билан гаплашиб, муаммосини тинглаган. Жойида мутасаддиларга муаммони ҳал этиш бўйича зарур кўрсатмалар берган.

  • 20 июль куни Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманидаги тадбиркор кредитга қурилган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани тўғрисида биринчи бўлиб Озодлик хабар қилган эди.