Кириш имтиҳонлари бошланди, йўллар ёпилди

Иллюстратив сурат.

Душанба, 29 июль куни соат 8:00 ҳамда 15:00 да 2019-2020 ўқув йилги олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари бошланади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, кириш имтиҳонлари Юнусобод тумани Амир Темур кўчасидаги “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуаси, Мирзо Улуғбек тумани Ниёзбек йўли кўчасидаги олий ўқув юртлариаро спорт мажмуаси, Шайхонтоҳур тумани Беруний кўчасидаги Халқ истеъмол товарларининг кўргазма ярмарка савдоси республика маркази, Юнусобод тумани, Ифтихор кўчасидаги спорт мажмуаси, Шайхонтоҳур тумани Ислом Каримов шоҳ кўчасидаги «Ёшлик» спорт мажмуаси каби ҳудудларда ўтказилади.Имтиҳон кунлари йўловчиларга қулайлик яратиш, транспорт қатнови узлуксизлигини таъминлаш мақсадида “Тошшаҳартрансхизмат” АЖ 29 июлдан бошлаб ўз тасарруфидаги йўналишларга автобусларни одатдаги ҳаракат жадвалидан бир соат олдин чиқариши айтилмоқда. Айни пайтда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг маълум қилишича, имтиҳон кунлари, яъни 29 июлдан 10 августга қадар соат 05:00 дан 20:00 гача бўлган вақт оралиғида, пойтахтнинг Юнусобод туманидаги Кўргазма, Корхожиота, Ифтихор, ва Ниёзбек йўли каби кўчалар транспорт воситаларининг ҳаракати учун вақтинча беркитилади.