Пекин расмийлари пойтахтдаги ҳалол ресторан ва дўкон эгаларига арабча ёзув ва Ислом динига оид рамзлардан фойдаланишни тақиқламоқда.
Пекинда ҳалол маҳсулотлар билан савдо қиладиган 11 дўкон ва рестораннинг Reuters агентлиги мухбири билан суҳбатлашган ходимлари амалдорлар ўзларига ҳилол каби рамзлар ва араб тилидаги “ҳалол” ёзувларини олиб ташлашни буюрганини айтганлар.
Исми ошкор қилинишини истамаган менежерлардан бирига кўра, хитойлик амалдорлар исломий рамз ва ёзувлар ёт маданият эканини, дўкондорлар кўпроқ Хитой маданияти намуналаридан фойдаланиши лозимлигини урғулаганлар. Шу боис айрим дўкондорлар ўз муассасаларидаги арабча “ҳалол” ёзувини хитойча “цин цзэнь” сўзига алмаштиришга мажбур бўлишган.
Пекин ҳукуматининг миллий ва диний масалалар қўмитаси ҳалол ресторанларга оид буйруқ умуммиллий директива эканини айтиб, бу борада изоҳ беришдан бош тортган.
Араб ёзуви ва исломий рамзларга қарши кампания Хитойда мусулмонларга қарши 2016 йилдан бери авж олиб келаётган босимнинг янги босқичи ўлароқ кўрилмоқда.
Кампания бутун мамлакат бўйлаб Яқин Шарқ услубида барпо этилган масжид қуббаларини йиқиб, улар ўрнига хитойча пагодаларни тиклашни ўз ичига олган.
20 миллион мусулмон истиқомат қиладиган Хитойда дин эркинлиги қонунлар билан кафолатланган, бироқ ҳукумат диндорларнинг амалларини Коммунистик партия мафкурасига мослаштиришга уриниб келади.
Хитойда Исломга эътиқод қилувчиларгина эмас, насронийлар ва бошқа дин вакиллари ҳам таъқибга учраб туради. Бироқ 2009 йили Шинжонда уйғурлар ва ханлар ўртасида содир бўлган тўқнашувлардан кейин бу мамлакатда мусулмонларга нисбатан таъқиб-тазйиқ кучайиб кетган.
Шинжондаги тартибсизликлардан сўнг Пекин “террорчиликка қарши кураш”ни авж олдирди. Хитойда мусулмонларга нисбатан босимнинг кучайиши халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ва Ғарб давлатларининг кескин танқидига сабаб бўлди.
БМТнинг Ирқий камситишни бартараф этиш бўйича қўмитаси ўтган йили Хитойда этник уйғурлар аксилэкстремизм марказларида ушлаб турилгани, миллионлаб одам “қайта тарбиялаш лагерлари”га юборилаётгани ва бунинг халқаро инсон ҳуқуқлари меъёрларига зидлигини билдирган. Бироқ Пекин Шинжондаги ўз фаолияти диний экстремизмни бартараф қилишга қаратилганини иддао қилиб келади.