Ҳиндистон Кашмирга қўшимча ҳарбий кучларни киритди

Кашмир. Чегара чизиғидаги ҳинд ҳарбийси.

Ҳиндистон Покистон билан баҳсли бўлиб турган Кашмир ҳудудига минглаб қўшимча ҳарбийларни киритди. Айни пайтда Покистон Кашмир масаласини ҳал этишда АҚШдан воситачи бўлишни илтмос қилмоқда.

Покистон полицияси 4 август куни Кашмирни иккига бўлиб турган назорат чизиғида Ҳиндистон ҳарбийлари отган ўқдан бир аёл яраланганини маълум қилди. Бир кун аввал Покистон Ҳиндистонни тинч аҳолидан икки кишини ўлдирганликда ва 11 кишини яралаганликда айблаган эди. Ҳиндистон бу айбловни инкор қилди.

Сўнгги кунларда Ҳиндистон Кашмирга қўшимча тарзда камида ўн минг ҳарбийни киритди. Бундан ташқари Кашмирда яна 25 минг ҳинд ҳарбийси бор.

Жорий йилнинг 14 февралида Ҳиндистон билан Покистон ўртасидаги баҳсли Кашмир ҳудудининг Ҳиндистон қисмида амалга оширилган террор ҳужумида 44 нафар ҳинд полициячиси ҳалок бўлган эди. Мазкур ҳужум ортидан Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар таранглашди.

1947 йилда Британиядан мустақилликка эришганидан бери икки ядровий қўшни ўртасида уч марта уруш бўлган ва улардан иккитаси Кашмир устидаги низодан бошланган.