Трамп нафрат асосида жиноят содир этганларга ўлим жазоси беришни таклиф қилди

АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Чикаго, Эл-Пасо ва Дейтон шаҳарларида одамларга қарата автоматлардан ўқ узилгани ортидан нафрат асосида содир этилган жиноятлар учун ўлим жазоси белгилашни таклиф қилди:

-Бугун, 5 август куни мен Адлия вазирлигига нафрат асосида жиноятларни ва оммавий қотилликларни содир этганларга нисбатан ўлим жазоси тайинлаш тўғрисидаги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга буйруқ бердим. Бу ўлим жазоси кўп йилларга чўзилмай, зудликда ва қатъий равишда амалга оширилиши лозим, - деди Трамп телевидение орқали халққа қилган мурожаатида.

Дональд Трамп аввалроқ бу воқеаларга муносабат билдирар экан, “мамлакатимизда нафрат учун имкон яратилмаслиги лозим”, деб айтганди. Айни пайтда Демократик партия Трампнинг мухожирларга қарши сиёсати бу қонли воқеаларга асос яратиб берди, деб айбламоқда.

Якшанба куни Чикагодаги касалхоналарга 3 соат ичида турли отишмалар оқибатида яраланган 18 киши олиб келинган, улардан бири ҳалок бўлди.

АҚШнинг Оҳайо штатидаги Дейтон шаҳрида 4 август куни 24 ёшли шахс ўқотар қуролдан тўққиз кишини отиб ўлдирди, 16 кишини яралади.

3 август куни Техас штатининг Эл-Пасо шаҳридаги "Walmart" дўкони олдида ирқчи экани айтилаётган 21 ёшли Патрик Крузиус Калашников автоматидан ўқ узиб йигирма одамни ўлдирган, 26 одамни яралаган эди. Бу воқеа террор ҳаракати сифатида баҳоланмоқда.