Қирғизистонда маҳаллий аҳоли ва хитойликлар ўртасида оммавий муштлаш содир бўлди

Сўлтон Сарида маҳаллий аҳоли ўтказаётган йиғилиш.

Қирғизистоннинг Норин вилоятидаги Сўлтон Сари олтин конида 5 август куни содир этилган оммавий муштлашув чоғида ўттиз нафардан кўпроқ одам жароҳатланди. Уларнинг асосий қисми хитойликлар экани айтилмоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизматининг маълум қилишича, 5 август куни кон комбинатини қураётган Хитойнинг «Жоржи Майнинг» ширкати олдига 500 одам йиғилиб, муштлашув содир этилган. Маҳаллий аҳоли хитойлик ишчиларни тошбўрон қилиб, калтаклаган.

Милиция маҳаллий аҳолини тинчлантиришга муваффақ бўлган, бироқ одамлар уйларига тарқалишни истамаяпти. Ҳукумат Сўлтон Саридаги воқеа юзасидан расмий маълумот бермаяпти.

Маҳаллий аҳоли Хитой ширкати ва унинг ишчилари мамлакатни тарк этишини талаб қилмоқда.

3 август куни Сўлтон Сарида Хитой ширкати вакиллари ва маҳаллий аҳоли ўртасида жанжал чиққан эди. Бунинг оқибатида Ўттук қишлоғининг икки турғуни тан жароҳатлари олиб, касалхонага ётқизилган. Хитой ширкатининг 12 ходими эса Норин туман ички ишлар бўлимида сўроқ қилинмоқда.