Қирғизистонда ижтимоий тармоқда президент Сўўрўнбай Жээнбеков ва унинг яқинлари тўғрисида сатирик суратларни жойлаштирган бишкеклик дизайнер Никита Тарасенко диний низо қўзғатишга ҳаракат қилиш деган гумон билан Миллий хавфсизлик хизматида сўроқ қилинди.
Миллий хавфсизлик хизматининг 6 августда билдиришича: “Тарасенко Фейсбук тармоғида ислом динига нисбатан нотўғри, мусулмонларнинг диний ҳиссиётларини ҳақоратловчи материалларни эълон қилган”.
Никита Тарасенко 24 июлда Фейсбук саҳифасида президент Сўўрўнбай Жээнбеков, унинг укаси Асилбек Жээнбеков, халқ орасида Раим миллион деган ном билан танилган Раимбек Матраимов ва унинг қариндошларига ўҳшаган шахсларнинг суратини коллаж сифатида эълон қилиб, унга “Ошская ОПГ”” деган сарлавҳа қўйган эди.
2018 йилнинг сентябрида Никита Тарасенко Сўўрўнбай Жээнбековнинг Иссиқкўлда дам олгани тўғрисидаги расмий суратларга ҳазил сўзларни ёзиб, Фейсбукда эълон қилгани учун Бош прокуратурага чақиртирилганди.
Ўшанда президент маъмурияти Никита Тарасенкога нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини билдирганди.