Энергетика вазирлиги Facebook тармоғида электр ҳисоблагич бўйича эътирозга раддия берди

Энергетика вазирлиги ижтимоий тармоқларда янги электрон ҳисоблагичлар истеъмол қилинаётган энергия миқдорини "ошириб кўрсатмоқда" мазмунидаги шикоятларга раддия берди.

Вазирлик ижтимоий тармоқларда шикоятларни чоп этаётган гуруҳлар маъмурлари таклиф қилинган учрашувга келмади, деб эътироз билдирмоқда.

Тармоқларда эса президентнинг ўтган йилги қарори билан ўрнатилаётган янги ақлли электр ҳисоблагичларга нисбатан эътирозлар тинмаётир.

Вазирликнинг Telegram каналида берилган баёнотга кўра, янги ақлли электрон ҳисоблагичлар электр токи миқдорини ошириб кўрсатмайди.

Расмий маълумотга кўра, тармоқлардаги эътирозлар ортидан шу йилнинг 9 август куни соат 10:00 да “Электронҳисоблагич” ҚК МЧЖ ишлаб чиқариш бўйича директор ўринбосари К.Нурматов, “Тошкентшаҳар ЭТК” АЖ директори Д.Имомов, Сирғали тумани ҳокими ўринбосари Б.Тўхаев, “Ўзстандарт” агентлиги мутахассиси Н.Нурмуҳамедовлар иштирокида “таққослаш тажрибаси” ўтказилган.

"Қайд этилган натижалар бўйича истеъмолчига тўлиқ тушунтириш берилди. Истеъмол қилинган электр энергияси тўғри ҳисобланаётгани тўлиқ тасдиқланди. Бу жараёнда иштирок этган фуқаро С.А.Ю бунга иқрор бўлиб, узр сўради ва Потребитель.уз сайтида бу ҳақда шарҳ қолдиришга ваъда берди", дейилади баёнотда.

Аммо айтилишича, Тошкентнинг Сирғали туманида яшаган ва тармоқда илк видеоэътирозни чоп этган фуқаро С.А.Ю. кейинги шарҳини "сайт администратори томонидан тақиқ қўйилгани туфайли" чоп эта олмаган.

"Боз устига, “Потребитель.уз” сайти ва гуруҳи вакиллари Энергетика вазирлигидаги учрашувда иштирок этишни рад этдилар. Уларнинг биронта вакили шахсан Энергетика вазирлиги, ТЭК ва бошқа манфаатдор идораларнинг мутахассислари билан вазият юзасидан суҳбатлашишни исташмади", деб эътироз қилмоқда вазирлик.

Шунингдек, вазирлик Facebook тармоғидаги “Халқ назорати” гуруҳига ҳам ҳисоблагич ишлаб чиқарувчилар ҳақида нотўғри маълумотлар бераяпти, деб эътироз билдирди.

"Биз журналистлар, блогерлар ва фаоллар билан ҳамкорликда аҳолидан тушаётган шикоятларни истеъмолчи ҳузурига борган ҳолда ўрганишга, бу жараённи видео тасвирга олиб, журналистик суриштирув ўтказиш учун тақдим этишга тайёр эканимизни ҳам маълум қиламиз", дейилади вазирлик баёнотида.

Facebook тармоғидаги ҳар икки гуруҳда сўнгги бир ҳафта ичида қизғин бўлиб қолган янги электр ҳисоблагичлар бўйича баҳслар давом этмоқда. Аксар фойдаланувчилар бу ҳисоблагичлар истеъмол қилинган электр токини ортиқча кўрсатмоқда, деб нолимоқда.

Сўнгги икки кун ичида айрим шарҳловчилар уларнинг сўрови билан уйига борган Энергетика вазирлиги ходимлари аслида ҳисоблагични ўрнатиш ва созлаш пайтидаги тушунмовчилик боис, истеъмолчилар ваҳимага тушаётганига амин бўлгани ҳақида ёзмоқда.

Бироқ, айримлари айнан вазирликдан борган ходимлар муаммони тан олиб, ҳисоблагични қайтариб олиб кетди, деган шарҳларни қолдирмоқда.

Вазирлик берган изоҳга кўра, янги ҳисоблагичларда аниқлик даражаси илгариги индукцион ёки биринчи авлодга мансуб айрим электрон ҳисоблагичлардан бирмунча юқоридир. Мисол учун, агар индукцион ҳисоблагичларда аниқлик даражаси ±2,5% ташкил этса, янгиларида бу±1,0% ташкил этади.

Шунингдек, айрим "ноинсоф истеъмолчилар" токни ўғирлаётганини ҳам қайд этган вазирлик "Ҳозирги ҳисоблагичлар бундай ҳолатларда нафақат ҳисоблагичдан ўтаётган электр энергиясини, балки ноқонуний тарзда фойдаланилаётган қисмини ҳам ҳисобга олади", деб изоҳлайди.

Айтилишича, президент қарорига мувофиқ, ҳозирда Тошкент шаҳрининг 6 та тумани - Юнусобод, Олмазор, Шайҳонтоҳур, Учтепа, Миробод ва Сирғали туманларида 150 нафарга яқин ходим иштирокида янги ҳисоблагичларни ўрнатиш жараёни давом этмоқда.