Саудия Арабистони етакчилигидаги ҳарбий коалиция Яманда айирмачилар Адан шаҳрини эгаллаши ортидан уларга ҳаводан зарба берди.
11 август куни коалиция айирмачиларни шаҳарни тарк этишга чорлар экан, акс ҳолда ҳужумлар давом этиши ҳақида огоҳлантирди.
Ўзини “Жанубий муваққат кенгаш” (ЖМК) деб атовчи айирмачилар гуруҳи бир неча кун давомида президент Абд-Раббу Мансур Ҳади қўшинлари билан курашди.
Associated Press хабарларига кўра, тўқнашувларда 70 одан ошиқ одам, жумладан, оддий фуқаролар ҳалок бўлган.
Бирлашган Араб Амирликлари қўллаган ЖМК ҳукуматпараст кучлар билан Эрон қўллаб келаётган шиа ҳути исёнчиларга қарши курашиб келаётган эди. Ҳути исёнчилар шимолий Яман ва пойтахт Санани қўлга олган.
Ямандаги фуқаролар урушида минглаб одам ҳалок бўлди, миллионлаб одам эса озиқ-овқат ва тиббий ёрдам тақчиллигидан азият чекмоқда.