Норвегиядаги масжидга 10 август куни қилинган қуролли ҳужум ҳукумат томонидан террор сифатида баҳоланди.
Полициянинг билдиришича, қўлга олинган ҳужумчи мигрантларга қарши кайфиятда бўлган.
-Биз тўплаган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, жиноятчи ўта ўнгчиларга мансубдир. У мигрантларга қарши кайфиятда бўлган. У қўрқув уйғотмоқчи бўлди, бу эса террорчилик ҳаракати деганидир. Биз бу воқеани террор ҳаракати сифатида ўрганмоқдамиз,-деди Осло полицияси расмий вакили Руне Скольд 11 август куни.
10 август куни ҳужумчи Осло яқинидаги Ал-Нур ислом марказидаги масжидга қурол билан бостириб кириб, намоз ўқиётган одамларга қарата тартибсиз ўқ ота бошлаган. Ҳужумчи ўқидан 75 ёшли намозхон яраланган.
Диндорлар ўз кучлари билан ҳужумчини қуролсизлантиришга муваффақ бўлганлар ва уни полицияга топширганлар. Полицияга кўра, ҳужумчи асли норвегиялик бўлган ёш йигитдир.