Россия хориж валютаси ва олтин захиралари 600 миллиард долларга етиши кутилмоқда

Россия ўз иқтисодини АҚШ жорий қилиши мумкин бўлган янги санкциялардан ҳимоя қилиш учун хориж валютаси ва олтин захиралари ошириб боради. Бу ҳақда Fitch Ratings агентлиги хабар қилди.

Агентлик ҳисобларига кўра, 2021 йилгача Россия резервлари савдо ва бюджет профицитлари туфайли рекорд 600 миллиард долларга етади.

Россия нефть ишлаб чиқариш бўйича жаҳонда иккинчи ўринда бўлиб, мамлакат иқтисоди хом нефть нархига қарамдир. 2013 йилда бир баррель нефть нархи 110 доллар бўлган бўлса, бу кўрсаткич жорий ойда 58,3 долларни ташкил қилди.

Россия яқинда энг кўп резервларга эга тўртинчи давлатга айланиши кутилмоқда. Ҳозирда бу ўринни Саудия Арабистони эгаллаб турибди. Энг кўп захираларга эга давлатлар эса Хитой, Япония ва Швейцариядир.