Нур-Султонда сиёсий маҳбусларни озод этиш талаби билан намойиш ўтказилди

Нур-Султонда сиёсий маҳбуслар озод этилиши талаби билан ўтказилган намойишлардан бири.

Қозоғистон пойтахти Нур-Султон шаҳридаги қатор Европа давлатларнинг элчихоналари жойлашган кўп қаватли бино олдида 12 август куни йигирмага яқин эркак ва аёл норозилик намойиши ўтказди.

Улар ҳукуматдан қамоқда сақланаётган сиёсатчилар ва фаолларни озод этилишини талаб қилаётганларини билдирдилар. Норозиларнинг қўлларида “Сиёсий маҳбусларга озодлик” деган плакат бор эди. Улар “Озодлик” деган сўзни ҳайқириб турдилар.

Маълум қилинишича, норозилар Қозоғистон атом саноати агентлигининг собиқ раҳбари Мухтор Жакишевни, диссидент шоир Арон Атабекни, фуқаролик ҳуқуқлари ҳаракати фаоллари Макс Бокаевни, Алмат Жумагуловни ва Кенжабек Абишевни озод этилишини талаб қилаётирлар.

Бундан ташқари, улар ҳукуматни рухсат берилмаган норозилик намойишларида иштирок этишда айбланиб қўлга олинган ва айни пайтда тергов қилинаётган фаолларни ҳам ҳибсдан чиқаришга чақирмоқда.