Тоғли Бадахшонда Тожикистон ва Хитой ҳарбий бўлинмаларининг қўшма машқлари давом этмоқда

Тожикистон расмийларига кўра, ҳарбий машқлардан кўзланган асосий мақсад иккита қўшни давлат ҳарбий бўлинмаларининг террор хавфларини бартараф этишда қўшма ҳаракатларини ишлаб чиқишдан иборат. Сўнги бор Тожикистон ва Хитой ўртасидаги бу каби машқлар 2016 йил сўнгида ўтказилган эди.

Мамлакат мудофаа вазирлигининг баёнот беришича, ҳарбий машқлар 12 август куни эрта тонгда 3,5 минг метр баландликда жойлашган Шугнан туманининг «Желонди» ҳарбий полигонида бошланди. Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, машқлар 14 августга қадар давом этади. Машқларга авиация, танклар ва артиллерия, шунингдек мотоўқчи қисм жалб қилинади.

Тожикистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Ориф Нозимзоданинг 13 август куни Озоди радиосига айтишича, ўтказилаётган қўшма машқлардан асосий мақсад Тожикистон ва Хитой ҳарбий бўлинмаларининг террор ва экстремистик гуруҳларни бартараф этишда қўшма ҳаракатларини ишлаб чиқишдан, шу каби террор хавфи пайдо бўлгудек бўлса талофатларни камайтиришни режалаштиришдан иборат.

Машқларда ХХР ҳарбий бўлинмалари ҳам иштирок этмоқда, бироқ Хитой томонидан жалб қилинган ҳарбий хизматчилар ва техникалар сони ҳақида маълумот тарқатилмаган. 2016 йилда бўлиб ўтган Тожикистон-Хитой қўшма ҳарбий машқларида 200 нафар хитойлик ҳарбий хизматчи иштирок этган эди. 2016 йил октябрида ТБМВда бўлиб ўтган қўшма машқларда салкам10 мингга яқин ҳарбий хизматчи жалб қилинганди.

Ориф Нозимзоданинг таъкидлашича, «машқларнинг ўтказилиши мақсадларидан яна бири Афғонистон билан чегарадаги Бадахшонда жойлашган ҳарбий қисмлар шаҳсий таркиби билан биргаликда ҳаракатлар олиб боришдан иборат”. «Желонди полигонида 14 август куни авиация, танклар ва зирхли транспортерлар, артиллерия қурилмалари ва бошқа махсус қурол ва техникалар ҳам ўз ҳаракатларини ишга соладилар», -деди Ориф Нозимзода.

Тожикистон-Хитой қўшма ҳарбий машқлари Афғонистоннинг Бадахшонида нотинч бўлган бир вазиятда бўлиб ўтмоқда. Толиблар гуруҳи бир неча йилдан бери мазкур вилоятдаги бир нечта уездни ўз назоратида ушлаб турибди. Тўғри, ҳозирча бирор марта ҳам Тожикистон худудига киришга уриниш бўлмаган, аммо шунга қарамай минтақа мамлакатлари Тожикистон-Афғонистон чегарасидаги вазиятни хавфли дея кўришади.