Тадбиркорни хайрия ёрдами кўрсатишга, темир-терсак топширишга мажбурлаш тақиқланди

Президент Мирзиёев 13 августда имзолаган фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарлар ҳокимликларига қуйидагилар тақиқланди:

  • тадбиркорларни ўз фаолиятидан ташқари, шу жумладан, ҳомийлик ва хайрия ёрдами кўрсатиш, ҳудудларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, темир-терсак ва макулатура йиғиш ишларига мажбурий жалб қилиш;
  • тадбиркорларни қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишларга (экиш ва йиғиб олиш) ва меҳнат ресурслари, пул маблағлари ва бошқа моддий бойликларни йўналтириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;
  • тадбиркорлар иштирокида мажбурий тартибда, шу жумладан, уларга нисбатан маъмурий ва бошқа чораларни қўллаш таҳдиди остида йиғилишлар ва бошқа тадбирларни ўтказиш.

Бу тақиқлар Ўзбекистон президенти 13 августда имзолаган "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида"ги фармони билан жорий қилинганини Адлия вазирлиги хабар қилди.