Меҳнат вазирлиги: Заҳарланган 58 ўзбекистонлик бўйича консилиум ўтказишга Ўзбекистондан врачлар юборилади

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлардан бири.

Шу тобда масъул идоралар ватандошларимизга жойига бориб қўшимча ёрдам кўрсатиш чоралари устида, яъни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари кўмагида ишчи гуруҳи тузиб, унинг таркибида Ўзбекистон Республикаси врачлари жойига бориб консилиум ўтказиш устида иш олиб бормоқда.

Самарада заҳарланган ўзбекистонликлар билан боғлиқ бу баёнотни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида рус тилида эълон қилди.

Қарийб бир ой муқаддам заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолаётгани тўғрисида Озодлик куни кеча хабар қилган эди.

Самара вилоятининг Сизран туманида заҳарланиш аломати билан касалхонага ётқизилган 69 нафар ўзбекистонлик каламушларни ўлдиришда ишлатиладиган заҳардан жабрланган бўлиши мумкин. Бу ҳақда Волга Ньюс нашри 14 август куниўзбекистонликлар даволанаётган Тольятти шаҳридаги 1-сонли касалхона бош шифокори Леонид Разливинскийга таянган ҳолда хабар берди.

Аввалроқ Леонид Разливинский Озодлик радиосига токсикология бўлимида қолаётган хоразмлик мардикорлар уруғликка ишлов беришда ишлатиладиган ўта хавфли Зоокумарин препаратидан заҳарлангани аниқланганини билдирган эди.

Шифокорнинг Волга Ньюс нашрига айтишича, ҳозирча ўзбекистонликлар нимадан заҳарланганини фақат тахмин қилиш мумкин. Аниқ жавоб топиш учун эса бир неча ой изланишлар ўтказиш талаб қилинади.

Леонид Разливинскийга кўра, 14 август ҳолатига кўра, касалхонада 41 одам қолмоқда.

Озодлик радиосидаги маълумотларга қараганда, заҳарланган 69 ўзбек муҳожиридан 58 нафари Россиянинг Самара ва Тольятти шаҳар шифохоналарида ўта оғир аҳволда қолмоқда. Касалхонада қолаётганлар орасида 4 яшар бола ҳам бор.Заҳарланганларнинг ҳаммаси Хоразм вилоятининг Ҳонқа туманидан.

Озодлик Самарада қишлоқ хўжалигидаги ишларни бажариб, пул ишлаётган муҳожирлар заҳарлангани ҳақида 18 июль куни хабар қилган эди.​