Ташқи ишлар вазирлиги Ҳиндистонда ўзбекистонлик аёл зўрлангани тўғрисидаги Озодлик хабарини тасдиқлади.
Озодлик радиоси 15 август куни ижтимоий тармоқлар орқали хиндистонлик йигит билан танишгани ортидан Деҳлига келган 31 яшар ўзбекистонлик аëл оммавий зўрлаш қурбони бўлгани ҳақида хабар берган эди.
Бироқ Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонасидан бу воқеа юзасидан жавоб олишнинг иложи бўлмаган эди.
Ҳиндистондаги қатор нашрлар, хусусан етакчи телеканаллар ўзбек аëлининг гуруҳ бўлиб зўрлангани ҳақида 12 август куни маълум қилган.
India-TV мухбирининг воқеа юз берган жойдан туриб маълум қилишича¸ “ўзбек аëлни зўрлаган 3 кишидан 2 нафари душанба куни Деҳли ғарбидаги Vasant Kunj мавзеида қўлга олинган. "Аëлни зўрлаганлар сони 3 нафардан кўпроқ бўлиши мумкин" дейди телеканал мухбири.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бундай воқеа бўлганини тасдиқлаган ҳолда, 15 август куни Деҳлида зўрлангани айтилаётган аёлнинг ёши 32да эканини, бу ҳолат юзасидан олиб борилаётган тергов ишларини назоратга олганини билдирди.
“Полиция вакиллари билан муносабатлар ўрнатилди, улар аёлни зўрлашда гумонланаётган уч нафар шахс қўлга олинганини билдирдилар”, дейилади расмий маълумотда.