Кобулдаги тўйхонага қилинган ҳужумда 63 киши ўлди, президент Толибонни айблади

Кобулдаги тўйхона, 18 август, 2019 йил

Афғонистон ҳукумати вакиллари 17 август куни кечқурун Кобул тўйхонасидаги никоҳ тўйи маросимида рўй берган худкушлик ҳужуми оқибатида 63 киши қурбон бўлгани, яна 182 киши яраланганини маълум қилди.

Афғонистон президенти Ашраф Ғани Толибон радикал фундаменталист ташкилотнинг бу ҳужумга алоқаси йўқлиги тўғрисидаги баёнотини рад этди. Президент ташкилотни “ваҳшийларча” ҳужумга камида шерик, деб атади ва келгусида бундай “хато”га йўл қўймаслик учун фавқулодда мажлис чақирганини билдирди.

Бу жорий йилдаги энг кўп одам ўлган фожиа бўлди ҳамда Вашингтон бу гуруҳ билан 18 йиллик урушга барҳам бериш хусусида битим тузишга яқин турган пайтда содир бўлди.

Толибон ҳужум учун жавобгарликни зиммасига олмади.

Гуруҳ воизи Забиҳуллоҳ Мужоҳид WhatsApp хабарлар иловаси орқали ҳужумни қоралади, дейилади DPA ахборот агентлиги хабарида.

“Толибон айбни зиммасидан соқит қила олмайди, чунки улар террорчилар учун платформа вазифасини ўтамоқда”, дея ёзди президент Ғани Твиттер саҳифасида.

“Мен кеча кечқурун Кобул шаҳридаги тўйхонада рўй берган ваҳшийларча ҳужумни кескин қоралайман”, дейилади унинг бошқа баёнотида.

Маълум қилинишича, 1200 киши таклиф этилган тўйда яраланганлар орасида аёллар ва болалар бор.

Худкушлик бомба ҳужуми Қурбон ҳайитидан сўнг ва Афғонистон мустақиллигининг 100 йиллигини нишонлаш арафасида рўй берди.