Туркманистонда мактаб формаси ҳам қарзга сотила бошланди

Ашхабоддаги мактаб ярмаркаси.

Ашхабоддаги савдо марказларида ота-оналарга мактаб формасини қарзга сотиб олиш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда "Хроника Туркменистана" нашри хабар берди.

Маълум қилинишича, савдогарлар мактаб формаси қарзга сотилиши ҳақидаги эълонларни кўп қаватли уйларнинг кириш эшикларига ёпиштириб кетмоқда. Туркманистонда бундай ҳолат биринчи марта кузатилмоқда.

“Савдогарлар зарар кўриб қолмаслик учун қарзга сотишга мажбурлар, бунга аҳоли харид қувватининг заифлашгани сабаб бўлмоқда”, дейилади хабарда.

Мактаб формаси муайян талаблар асосида ота-оналарга уч ойда тўлаш шарти билан қарзга берилмоқда. Мактаб формасининг энг арзони ўтган йили 600 манатдан сотилган эди.

Сўнгги ойларда Туркманистонда маҳсулотларни қарзга харид қилиш анъанага айланиб бормоқда.

Мамлакатда расмий курс бўйича ҳисоблаганда, ўртача ойлик иш ҳақи 228 долларни, пенсия 72 долларни, ногиронлик бўйича нафақа 100-200 долларни, бола парвариши учун оналарга бериладиган пособия 40-90 долларни ташкил қилади.

Озодлик радиоси туркман хизматининг ҳукуматдаги манбаси мамлакатда ишсизлар аҳолининг 60 фоизини ташкил этиши ҳақида билдирган.

Туркманистон ҳукумати ишсизлик бўйича расмий маълумотларни сир тутади ва мамлакатдаги иқтисодий таназзул ҳақида гапирмайди.