Трамп Гренландияни сотмаслигини билдирган Данияга расмий ташрифини бекор қилди

Гренландия манзараси.

Дания Бош вазири Метте Фредериксен АҚШ президенти Дональд Трамп сентябрда бу мамлакатга қиладиган расмий ташрифини бекор қилганидан афсус билдирди.

Трамп Твиттер саҳифасида Дания АҚШга Гренландияни сотмаслигини билдиргани ортидан мана шундай қарор қабул қилгани ҳақида ёзди.

-Гренландияни сотиш имкониятлари бўйича баҳслар пайдо бўлди. Гренландия Бош вазири Ким Кильсен бу таклифни кескин рад этди ва бу позицияни мен ҳам қўллаб-қувватлайман. Аммо бу масала АҚШ билан муносабатларимизга таъсир кўрсатмаслиги лозим,- деди Метте Фредериксен.

Аввалроқ матбуотда Трамп ўз маслаҳатчилари ва Оқ Уй расмийлари билан Гренландияни сотиб олиш истиқболларига қизиқаётгани тўғрисида хабарлар пайдо бўлган эди.

Гренландия Даниянинг мухтор вилояти ҳисобланади ва орол ҳудуд жиҳатидан Дания қироллигидан салкам 50 баробар катта бўлса-да, бу ерда доимий равишда атиги 56 минг киши истиқомат қилади.

Гренландияни сотиб олиш ғояси - янги эмас. 1867 йилда АҚШ Россиядан Аляскани сотиб олганида Давлат департаменти Гренландия ва Исландияга эгалик қилиш имкониятларини ҳам ўрганиб чиққан эди. Аммо иш битимгача етиб бормаган.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин Гренландиянинг стратегик аҳамиятини эътиборга олган президент Гарри Труман орол учун Данияга 100 миллион доллар таклиф қилган. Копенгаген рад жавобини берган эди. Бироқ Гренландияда АҚШнинг энг шимолдаги ҳарбий-ҳаво базаси бор.