Қирғизистон собиқ бош прокурорига айблов эълон қилинди

Собиқ бош прокурор Индира Жолдубаева

Собиқ бош прокурор Индира Жолдубаевага криминал авторитет Азиз Батукаевнинг қамоқдан ноқонуний озод қилиниши юзасидан олиб борилаётган тергов доирасида айблов эълон қилинди. ИИВ матбуот хизматига кўра, Жолдубаева Жиноят кодексининг "Коррупция" моддасида назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилинмоқда.

Бишкек шаҳар Биринчи май туман суди Жолдубаевага нисбатан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини белгилади.

Индира Жолдубаева 2015 йил январидан 2018 йил апрелига қадар бош прокурор лавозимини эгаллаган. Унга қадар 2011 йилдан ҚР президенти аппаратининг суд ислоҳотлари ва қонунчилик бўлими мудири лавозимида ишлаган.

2013 йилнинг 9 апрелида Норин шаҳар суди шифокорларнинг Азиз Батукаев “бедаво касалликдан азият чекаётгани” тўғрисидаги хулосасига кўра, жиноий авторитетни муддатдан аввал озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.

2019 йил бошида унинг ноқонуний озод қилиниши юзасидан тергов ишлари бошланди, ҳамда юқори лавозимли собиқ амалдорлар - собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева, Норин вилояти прокурорининг собиқ ўринбосари Майрамбек Акматалиев, Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Шамиль Атаханов, собиқ бош прокурор Аида Саляновалар ҳибсга олинди.

Айни дамда амалдорларнинг ҳаммаси уй қамоғида. Мудофаа кенгашининг собиқ котиби Бусурманкул Табалдиевга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевга нисбатан қўйилган айбловлар орасида Азиз Батукаевнинг иши ҳам бор.