Эрон янги ракета комплексини намойиш қилди

Bavar-373 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими

Эрон узоқ масофали ракета ҳужумидан мудофааланишга имкон берувчи янги тизимини ишга туширди. Bavar-373 деб номланувчи мудофаа тизими 22 август куни Эрон миллий мудофаа саноати куни муносабати билан Теҳронда намойиш қилинди. Тадбирга қатнашган президент Ҳасан Руҳоний Эронга отилган ракеталар уриб туширилади, деб баёнот берди.

- Ракета учирадиган жаноб, агар қўлингдан келса, тугмани бос ва ракетанинг осмонда ўзини йўқ қилиши учун йўл оч, - деди Руҳоний.

Эрон янги комплексини Теҳрон билан Вашингтон ўртасидаги муносабатлар таранглашган бир пайтда намойиш қилди.

Трамп 2015 йилда Вашингтон Теҳроннинг ядровий дастури бўйича Эрон билан тузилган халқаро шартномадан чиқишини эълон қилганидан бери икки давлат муносабатлари кескинлашиб бормоқда.

Санкциялар туфайли Эрон иқтисоди жиддий муаммоларга дучор бўлди. Трамп Эрон билан музокара олиб боришга тайёр эканлигини изҳор қилган, аммо Теҳрон музокара бошлашдан аввал санкциялар бекор қилинишини талаб қилиб келади.