Apple, Google ва Mozilla Қозоғистоннинг Qaznet иловасини блоклашини билдирди

Иллюстратив сурат.

Apple, Google ва Mozilla Қозоғистон ҳукумати топшириғи билан ишлаб чиқилган Qaznet иловасини блоклаш учун чоралар кўради. Бу ҳақда мазкур гигант ширкатлар 21 август куни ўз баёнотларини тарқатдилар.

Qaznet иловасига қарши бўлаётганларнинг фикрича, мазкур илова воситасида ҳукумат фойдаланувчиларнинг барча қадамларини назорат қилишга муваффақ бўлади. Мазкур иловани Қозоғистондаги ҳар бир фойдаланувчи юклаб олишга мажбурдир.

Июль ойидан бошлаб қозоғистонлик интернет фойдаланувчиларга алоқа операторлари томонидан Qaznet иловасини смартфонлар, компьютерлар ва бошқа ускуналарга юклаб олиш тўғрисидаги огоҳлантирувлар келмоқда.

Apple, Google ва Mozilla Qaznet иловасига қарши “техник чоралар” қўллаганликларини маълум қилдилар. Жумладан, Google ва Mozilla ўзларининг Chrome ва Firefox қидирув тизимлари Qaznet иловасини блок қилишини билдирди.

Apple ўзининг Safari браузеридан фойдаланаётганларни ҳам Qaznetдан ҳимоя қилиш чораларини кўраётганини маълум қилди.