Британиядаги Россия элчиси "доимий равишдаги алмашув" боис миссиясини тугатди

Россиянинг Лондондаги элчиси Александр Яковенко

Россиянинг Лондондаги элчиси Александр Яковенко Британиядаги элчилик миссиясини тугатди.

Элчихона 24 августда тарқатган хабарга кўра, Яковенко “хизмат вазифасини якунлади”, айни дамда маслаҳатчи бўлиб хизмат қилаётган Иван Володин муваққат ишлар вакили бўлиб туради.

Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков Яковенконинг элчиликдан кетишини “дипломатик миссия раҳбарларининг доимий равишда алмашуви”, деб изоҳлади ва бу "Москва билан Лондон ўртасидаги муносабатлар яқинда ёмонлашганига боғлиқ эмас", деб айтди.

“Коммерсант” газетаси билдиришича, Россия Ташқи ишлар вазирлигининг Европа билан ҳамкорлик департаменти директори Андрей Келин янги элчи этиб тайинланиши мумкин. Газетага кўра, Яковенкони Дипломатия академиясига бошлиқ этиб тайинлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.