Ҳонконг полицияси яна намойишчилар билан тўқнашди, 29 одам қўлга олинди

Ҳонконг полицияси намойишчиларни тарқатмоқда.

Ҳонконг полицияси биринчи марта намойишчиларга қарши ўқотар қуролдан ўқ отди. France Press агентлигининг ёзишича, полициячилардан бири намойишчиларга қарата тўппончадан ўқ узган. Ҳозирча жабрланганлар тўғрисида маълумот йўқ.

Якшанба куни Ҳонконгда 29 нафар намойишчи қўлга олинди. Намойиш полиция билан тўқнашувга айланиб кетди. Норозилар полициячиларни тошбўрон қилганлар. Полиция эса сув пуркагичлар, кўздан ёш сиздирувчи газ ва резина ўқларни қўллади.

Ҳонконгда оммавий норозилик намойишлари уч ойдан бери давом этмоқда.

Дастлаб намойишларнинг бошланишига жиноят қилганликда айбланаётган ҳонконгликларни Хитойга топшириш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошлагани сабаб бўлганди.

Ҳонконг ҳукумати норозилар талабини инобатга олиб, қонунни қабул қилишни тўхтатди. Аммо норозилар эндиликда Пекиндан кўпроқ мустақиллик берилишини талаб қилиб намойишларни ўтказмоқдалар.

1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.