Дональд Трамп Ҳиндистон Бош вазири билан Кашмир масаласида гаплашди

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди (чапда) ва АҚШ президенти Дональд Трамп.

АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистон ва Покистон Кашмир муаммосини ўзаро ҳал этиш салоҳиятига эга эканини, лекин учинчи томоннинг аралашуви зарур бўлса, воситачилик қилишга тайёр эканини айтди.

Трамп Кашмир масаласини 26 август куни Франциянинг Биарриц шаҳрида ўтаётган “Катта еттилик” саммити доирасида Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди билан муҳокама қилди. Учрашувда Моди Кашмирдаги вазият “ўз назорати остида” эканини билдирган.

Моди Кашмир масаласи Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ўзаро иш эканини айтди. Ҳиндистон халқаро ҳамжамият бу муаммога аралашиши шарт эмаслигини билдирмоқда.

Айни пайтда Покистон халқаро ҳамжамиятни Кашмир муаммосига аралашишга чақириб келмоқда.

Ҳиндистон 5 август куни Кашмирнинг ўзига қарашли қисмида минтақанинг мухторият мақомини бекор қилганидан сўнг вазият кескинлашган эди.

Шундан бери Ҳиндистон ва Покистон бир-бирларини Кашмирда маҳаллий аҳоли ва ҳарбийларга ўқ узаётганликда айблаб келмоқда.