Қирғизистонда собиқ ички ишлар вазири ўринбосари Қурсан Асанов уй қамоғига олинди. Ой бошида айнан Асанов полицияга икки кун қаршилик кўрсатган собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан музокара олиб бориб, уни қўлга олган эди.
Бишкекнинг Биринчи май туман суди 27 август куни Асановни 13 октябргача уй қамоғига олиш ҳақида қарор чиқарди. Бунга Асанов 8 август куни Атамбаев билан олиб борган музокара давомида хизмат ваколатларини суиистеъмол қилгани ҳақидаги иддаолар бўйича тергов сабаб бўлди.
13 август куни Асанов “Қирғиз полицияси манфаатларига хиёнат қилишда ҳамда ишончни йўқотишда“ айбланиб, ишдан четлатилган эди. 22 Август куни эса Асановнинг адвокати Икрамидин Айтқулов товламачиликда айбланиб, қўлга олинди.
Кейинроқ бош прокуратура Асанов ҳамда унинг ёрамчиси Дамирбек Пайзилда уулу Атамбаевга махфий маълумот ва очиқланмаган жисмларни бергани иддао қилинаётганини билдирди.
Ички ишлар вазирлигининг уч марта сўроққа чақирув талабини инобатга олмаганидан сўнг Бишкек ҳукумати Атамбаевни ҳибсга олишга қарор қилган ва собиқ президент икки кунлик қаршиликдан сўнг 8 август куни полицияга таслим бўлган эди. Атамбаев тарафдорлари ва полиция ўртасидаги тўқнашувларда камида бир одам ҳалок бўлди, 170 нафар одам жароҳат олди.
Атамбаев, 2011-2017 йиллардаги президентлиги пайтида давлат ваколатини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ бешта жиноятда айбланмоқда.