Ўзбекистон-Қирғизистон савдо айланмаси режалаштирилган 500 миллион долларлик кўрсаткичга яқинлашди

Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги савдо ҳажми 500 миллион долларга яқинлади. 2019 йилнинг биринчи ярим йиллигида товар айрибошлаш 446 миллион долларга етди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Комил Рашидов Бишкекнинг “Кабар” агентлигига берган суҳбати чоғида билдирди.

Комил Рашидовга кўра, 2018 йилда икки давлат ўртасидаги савдо кўлами 160, 5 миллион доллар бўлган эди холос.

“Ишонаманки, давлатларимизда ўзаро савдо ҳажмини яқин пайтларда 1 миллиард долларга етказиш учун барча имкониятлар ва ресурслар мавжуд”, деди элчи.

Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг сентябрида давлат ташрифи билан Бишкекда бўлган ва ўшанда икки давлат ўртасидаги савдо ҳажмини 500 миллион долларга етказиш ҳамкорликнинг асосий мақсадларидан бири сифатида эълон қилинган эди.