The New York Times АҚШ ва хориж разведкаларига таянган ҳолда, Хитой профессионал LinkedIn ижтимоий тармоғидан жосусларни ёллашда фойдаланаётгани ҳақида ёзди.
Газета манбаларининг айтишларича, сўнгги йилларда давлат тузилмаларининг кўплаб ходимларига ижтимоий тармоқ орқали Хитойда манфаатли иш таклиф қилинган. The New York Times нашрининг ёзишича, бу таклиф потенциал жосусни Хитойга келишга кўндириш учун қилинган.
The New York Times сўнгги пайтларда АҚШда жосуслик билан боғлиқ суд ҳукмлари кўпайганига эътибор қаратган. Жумладан, баҳорда Марказий Разведка Бошқармасининг собиқ ходими жосусликда айбланиб, 20 йилга қамалган. Хабарларга қараганда, унинг Хитой манфаати учун жосуслик фаолияти LinkedIn орқали бошланган.
Ижтимоий тармоқ раҳбарияти журналистларнинг бу борадаги саволларига жавоб берар экан, шубҳали саҳифалар таҳлили билан алоҳида бўлим шуғулланишини маълум қилди. Мазкур бўлим,турли манбалардан, жумладан, давлат тузилмалари саҳифаларидан ҳам ахборот йиғиш билан шуғулланади.