АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жон Болтон Молдова бош вазири Майя Санду билан Кишинёвда учрашиб, хавфсизлик масалаларини муҳокама қилди.
Болтон Молдовага ташрифидан олдин Украина президенти Володимир Зеленский билан учрашди. Маслаҳатчи Беларусга ҳам хизмат сафари билан боради.
Кишинёвда ўтказилган қўшма матбуот анжуманида Болтон Молдовадаги янги таркибдаги ҳукуматнинг коррупцияга қарши курашини олқишлади.
- Минтақада ва унинг ташқарисида жиддий [хавфсизлик] муаммолари мавжуд. Қўшма Штатлар Молдова суверенитети ва мустақиллигига қаттиқ ишонади. Ташқи таъсирлар эмас, балки мамлакат фуқароларигина ўз келажакларини ҳал қиладилар, - деди Болтон.
Болтон айирмачи Приднестровье ҳудуди масаласига тўхталар экан, АҚШ Молдова ҳукуматининг ушбу муаммони ҳал қилишга ва Молдова яхлитлигини таъминлашга қаратилган ҳаракатларини қўллашини айтди.
Санду эса АҚШ Молдова мудофаа ва хавфсизлик тизимларини модернизация қилиш учун йилига 15 миллион доллар ёрдам кўрсатаётганини айтар экан,
- Америка Қўшма Штатларининг ушбу соҳадаги кўмаги биз учун ўта муҳим, - деди.