Украина Бош вазири лавозимига 35 ёшли Алексей Гончарук тайинланди

Алексей Гончарук.

Украина Олий Радаси 35 ёшли Алексей Гончарукни Бош вазир лавозимига тасдиқлади. У мамлакат тарихида энг ёш ҳукумат раҳбари бўлди.

Гончарук номзодини парламентга президент Володимир Зеленский ва унинг “Халқ хизматкори” фракцияси тавсия қилган эди. “Халқ хизматкори” фракцияси парламентдаги кўпчилик ўринларни эгаллайди ва ҳукмрон коалиция вазифасини бажаради.

29 август куни аввалги Бош вазир Владимир Гройсман истеъфо берган эди.

Гончарук бунга қадар президент офиси раҳбарининг ўринбосари лавозимида ишлаган. Касби бўйича юрист. 2013-2014 йилларда Майдон иштирокчилари ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашган. 2015 йилдан Европа Иттифоқи томонидан молиялаштириладиган BRDO ноҳукумат таҳлилий марказига раҳбарлик қилган.

Алексей Гончарук Радада сўзлаган нутқида иқтисодий ривожланиш ва коррупцияга қарши кураш йўналишида ислоҳотлар ўтказиш ўз ҳукуматининг асосий мақсади бўлишини таъкидлади.