Ҳонконгда талабалар 2 сентябрь куни норозилик намойишларини давом эттиришларини билдирдилар.
1 сентябрда ўтган намойишда минглаб норозилар Ҳонконг аэропортига элтадиган йўлларни ва бекатларни тўсиб қўйдилар. Ҳонконг аэропорти дунёдаги энг йирик ва муҳим алоқа йўлларидан бири ҳисобланади.
Йўллар тўсилгани муносабати билан Ҳонгконг аэропорти кўплаб парвозларни бекор қилишга мажбур бўлди.
Ҳонконгда намойишлар 12 ҳафта аввал жиноят қилганларни Хитойга экстрадиция қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама қилина бошлангани ортидан бошланиб кетган эди. Намойшлар асосан полиция билан тўқнашувларга ва тартибсизликларга айланиб кетмоқда.
Миллионлаб одамлар намойишга чиқиши оқибатида Ҳонконг маъмурияти қонун муҳокамасини тўхтатган. Бироқ норозилик намойишлари тўхтамади. Эндиликда норозилар Хитойдан Ҳонконгга кўпроқ эркинликлар ва демократия берилишини талаб қилмоқда.
1842 йилдан бери Британия бошқарувида бўлган Ҳонконг 1997 йилда Хитой тасарруфига ўтказилган. Ўшанда Хитой Ҳонконг суд ва ҳуқуқ тизимига камида 50 йил мустақил бошқарув берилишини кафолатлаган. Бироқ сўнгги йилларда Хитой бу ваъдасини эсидан чиқармоқда ва мухторият ишларига аралашмоқда.