Толибон Кобулдаги ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди

Aфғон ҳарбийси.

Толибон Афғонистон пойтахти Кобулда 2 сентябрь куни содир этилган портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Кобулнинг йирик хориж ташкилотлари ва агентликлари жойлашган қисмида амалга оширилган портлашда камида беш одам ҳалок бўлган ва 50 нафарга яқин одам яраланган эди.

Мазкур ҳужум АҚШнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Залмай Ҳалилзод ҳукумат расмийлари билан тинчлик битими шартларини муҳокама қилиш учун келган бир пайтда уюштирилди.

Ҳалилзод 2 сентябрда Озодлик радиоси афғон хизматига берган интервьюсида:

-Умид қиламизки, Толибон билан эришадиган келишувимиз афғонлараро мулоқот эшигини очади. Бу Афғонистонда 40 йилдан бери давом этаётган урушни тўхтатиш учун тарихий имконият бўлади,-деб айтган эди.