Украинада депутатларнинг дахлсизлиги бекор қилинди

Украниа парламенти - Верховная Рада.

Украина парламенти депутатлар дахлсизлигини бекор қилишни қўллаб овоз берди. Бу президент Володимир Зеленскийнинг коррупцияни тугатиш режаси йўлидаги муҳим қадам бўлди.

3 сентябрь куни 373 депутат қонун лойиҳасини қўллаб овоз берди. Уч депутат овоз бермади, 28 депутат эса овоз беришда иштирок этмади.

Зеленский янги қонун юқори лавозимли шахслар депутатларга тазйиқ ўтказишига йўл очиши ҳақидаги хавотирларга тўхталиб, аслида бундай бўлмайди, деган фикрни билдирди.

Президент этиб сайланишидан олдин қизиқчи ўлароқ фаолият юритиб келган Зеленский Украинада коррупцияни қўпориб ташлашга бел боғлаган.

Июль ойида Зеленскийнинг "Халқ хизматкори" партияси 450 ўринли парламентда 254 ўринни эгаллаб, ҳукмронликни қўлга киритди.

Ғарблик таҳлилчилар ва Зеленский тарафдорлари президент ва унинг парламентдаги ҳамкорлари ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишини кутиб, президент фаолиятини яқиндан кузатмоқдалар.

Украина олдидаги йирик муаммолар орасида эскирган электр ва газ тармоқлари, тўлиқ ишлаб чиқилмаган коррупцияга қарши қонунлар ҳамда олигархлар ҳукмронлигини айтиб ўтиш мумкин.